29/11/2022
Бугун Тошкентдаги Сингапур Менежментни Ривожлантириш Институтида “Ривожланаётган бозорларда CSR ва ESG 2022” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбир Сингапур Менежментни Ривожлантириш Институти, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, CARE CSR компанияси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) GmbH ҳамкорлигида ташкил этилди. Конференция аввалида MDIST ректори Жасур Солиҳов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Илҳом Норқулов, Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков ва GIZ проект менежери Ойдин Сатторовлар очилиш нутқини қилишди.
“2050 йилга қадар Ўзбекистон аҳолиси 40 миллиондан ошади. Сув захираси эса борган сари камайиб бормоқда. Буни зудлик билан англаган ҳолда ҳаракат қилишимиз керак”, – дейди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков.
Тадбиркорлик ва барқарорлик бўйича бўлиб ўтган сессияда онлайн иштирок этган Behavioral Business компанияси бош директори Жосеф Капп сўзларига кўра, Ўрта Осиё минтақаси глобал иқлим инқирозига нисбатан кам иссиқхона газлари билан таъсир этишига қарамай, тўғридан тўғри иқлим ўзгариши қурбонига айланмоқда. “Ўзбекистон ушбу инқироздан инновация, иқтисодий диверсификация, тадбиркорлик зеҳнияти ва экосистемасини ривожлантириш орқали чиқиб кетиши мумкин. Мамлакатдаги барча стейкхолдерлар барқарор иқтисодиётни ривожлантириш тарафдорлари бўлишлари лозим”, – қўшимча қилди Капп.
Маълумот учун, CSR (Corporate Social Responsibility) бу – корпоратив ижтимоий масъулият ҳисобланади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ходимларни ижтимоий ҳимоялаш, масъулиятли амалиётлар, қонунчиликка риоя қилиш, таъминот занжири бўйича ҳисобот бериш ва бошқалар – буларнинг барчаси CSR’нинг асосий талабларидир. ESG эса (Environmental, Social, Governance) атроф-муҳит, ижтимоий ва бошқарув тамойиллари ҳисобланади.
Сўнгги йилларда юртимизда ҳам фаолияти давомида ушбу тамойилларга амал қилувчи компаниялар сони ортиб бормоқда. Буларга мисол: Juru Energy, Solar City, ESCO Orient, BREADLY ва Korzinka каби компанияларни олсак бўлади. Умид қиламизки, яқин келакакда юқоридаги ташкилотлар сафига яна юзлаб бизнеслар қўшилади.