14/06/2023
"Тoshkent haqiqati" газетасининг 2023 йил 14 июндаги 43 – сонида:
“ЖАННАТ”НИ КЎРГАНЛАР СИНДРОМИ
Балки ўқиган чиқарсиз – Шуҳрат домланинг “Жаннат қидирганлар” романида яхши, осуда ҳаёт қидириб, ўтган асрнинг йигирманчи йиллари янги ташкил топган социалистик мамлакатдан яқин хориж – Афғонистонга бош олиб чиқиб кетган ўзбек оиласининг тақдири ҳикоя қилинади.
Ўша пайтлари Афғонистон (ҳали Покистон алоҳида давлат эмас, Ҳиндистон Буюк Британия мустамлакаси эди) ҳақиқатан ҳам яқин хориж ҳисобланган – ўзаро алоқалар яхши, ҳар икки жойда турмуш тарзининг деярли фарқи йўқ, бир дин, бир-бирига яқин тиллар, менталитетлар... Аммо, йиллар оша Афғонистон ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода олис хорижга айланиб қолди. Орадаги чегаралар мустаҳкамланди, ўзаро борди-келдилар ҳисобли бўлиб қолди. Афғонистонга чиқишни истайдиганлар ҳам, СССРга киришни истайдиганлар ҳам махсус хизматларнинг чиғириғидан обдон ўтказиларди.
Асар фабуласи шундай: ўз юртига бошқа қайтмас бўлиб кетган мусофирларнинг ўша даврлар собиқ иттифоқ таркибидаги диёримизда қолган қариндошларидан бири – ошиқ йигит қандайдир махсус хизмат билан Афғонистонга боради. Ўша пайтлар Афғонистонда ГЭСлар, заводлар, мактаблар, шифохоналар, ҳаммомлар қуриш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш, дарс бериш, қишлоқ хўжалик техникаларини бошқаришни ўргатиш учун турли мутахассислар беш-ўн йиллик хизмат сафарларига юборилар, уларга ҳарбий разведкачи унвонлари берилар, ҳар икки тарафда ойлик маошлари сақланар, пенсияга имтиёзли шартларда чиқарилар ёки устама тўланарди.
Ўша мутахассис йигит бундан ўн йиллар бурун Афғонга чиқиб кетган қариндошларини қидириб топади, ўзи ошиқ бўлган қизнинг кейинги тақдири билан қизиқади. Ўша қиз тўрт хотинли кишининг хасмига айлангани, бир-икки бола туққанини билиб, бир имкони топилганида, қариндошларининг уйида, яширин хонада холи қолганича юзма-юз гаплашади. Ўша ҳам қариндош, ҳам собиқ севгилиси бўлган аёлнинг тақдирига ачинган шўровий йигит унга ўзи билан Ўзбекистонга кетишни, ўз юртларида ҳаёт тамоман ўзгариб кетганини “пропаганда” қилади.
Асарда бамисоли, жаннат қидириб кетганлар аслида, жаннатдан чиқиб кетишгани урғуланади...
Албатта, болали аёлни СССРга қайтариб олиб кетиш шунчаки хомхаёл эди. Бунга СССР тарафи имконият яратиб берган тақдирда ҳам, аёл қариб, ўлим тўшагида ётган ота-онасини ташлаб кета олмасди, эридан яширинча чиқиб кетиш ҳам катта муаммо. Боз устига, эрининг иккинчи (ё учинчи) хотини бўлса ҳам, кўз очиб кўргани, боласининг биттасини олса, иккинчиси қолиб кетади, юртига қайтганида ҳам ушбу қариндош йигитнинг хотини, қариндошлари нима деб ўйлайди, яна бошқа бир эркакка эски талоғи узилмаган ҳолида турмушга чиқиб бўладими-йўқми, янги ҳаётга кўникиб кетадими-йўқми...
Буни эслашимдан мақсад, “жаннат” пропагандаси ҳамиша мавжуд бўлгани ва бу тарғибот тагида маълум бир мақсадлар яширин эканини таъкидлашдир.
“Минг бир кеча” эртагида ҳам шунга ишоралар бор. Яна бундан минг йиллар, балки бундан ҳам бурунгироқ даврларда ҳошимийлармикин, ё Муқанна афсонасидамикин, жаннатга тушиш қасдида шаҳидлик йўлига кирган ёш йигитлар ҳақидаги ривоятлар ҳам мавжуд.
Эмишки, ўн олти-ўн саккиз ёшли 5-6 нафар бақувват йигитларни қароқчилардан иборат катта гуруҳнинг тоғлар орасидаги яширин қароргоҳига олиб келишади. Бу йигитлар деярли таниш эмас, таниш бўлганлари ҳолида гаплари бир жойдан чиқмайдиган, ўжар ва жангари ёшлардир. Уларни махсус хонада обдон меҳмон қилишади, уйқуга тортадиган дори қўшилган шароблардан ичиришади. Ёш йигитлар ухлаб қоладилар. Ана шундан кейин, уларнинг кийимлари ўрнига енгил шоҳи матолардан тикилган либослар кийдирганча, бошқа жойдаги катта ғор ичида бунёд қилинган бир чиройли боққа олиб бориб ётқизишади. Гуллар очилиб ётибди, товуслар юрибди, булбуллар сайраган, кичкина булоққа ўхшаган фонтанчадан шароб отилиб чиқмоқда. Чилимлар, катта олтин товоқларда турли мевалар, ҳолвалар, писта-бодомлар... Қайдандир сеҳрли мусиқа садолари келмоқда...
Йигитлар уйқудан уйғониб, атрофга қарашса – ўзгача ҳаёт. Сухсурдек қизлар рақс тушиб, уларни қучмоқда... Йигитлар ўзларини бамисоли жаннатдагидек ҳис этадилар.
Кейин эса яна ўлардай чарчаб, дори қўшилган шароб таъсирида яна қаттиқ уйқуга кетадилар. Ҳурлиқолар эса тезда уларга эски кийимларини кийдиришади, йигитларни бошқа хизматчилар аввалги хоналарига олиб бориб ташлайдилар...
Йигитлар уйғонганида бояги “жаннат боғи”дан асар йўқ. Улар буни тушимизда кўрдикми, десалар, беш-олти киши битта тушни кўриши мумкинмас. Боз устига, баданларига суртилган мушку анбарлар ҳиди ҳали ҳам кетмаган. Қулоқларига қистириб олган жаннат райҳонлари, гуллари ҳам ҳали сўлиб улгурмаган!..
Уларнинг бундай гаранг ҳолатларини шу ерда ҳозир бўлган оқсоқол бундай таъбирлайди: “О-о! Сизлар худо ярлақаган йигитлар экансиз! Мен ёшлигимдан жаннатни шунчаки кўриш ишқи билан ёнаман. Аммо, бунинг сира иложи бўлмаганди. Сизлар эса шундай ёшгина бўла туриб, жаннатни кўриш, у ердаги ҳуру ғилмонлар билан ишрат қилиш бахтига мушарраф бўлибсиз. Сизларга ҳавасим келиб кетяпти! Майлими, қулоғингиздаги жаннат гулини чаккамга тақиб олсам! Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!..”
Йигитлар яна ўша жойга қайтишнинг иложи борми, дея сўрашлари тайин.
“О-о, бу бахт бир келди, бошқа келиши қийин! Шунча йил яшаб, жаннатга бир муддат бориб-келганларни кўрмадим, эшитмадим ҳам. Жаннатга тезроқ тушиш учун шаҳид бўлиш керак. Ҳатто, менинг ҳам бундан умидим унчалар кўп эмас. Ахир, шунча йил яшаб, билиб-билмай қилган гуноҳларим бор. Сизлар эса ҳали гуноҳга кўпам қўл урмаган бўз йигитсизлар. Битта йўли бор, ҳақиқат учун кураш йўлида шаҳид бўлибгина, тўппа-тўғри жаннат боғига тушишларинг мумкин, тағинам худойим билгувчироқдир, валлоҳи аълам!..”
Шундан кейин, жаннатга яна тушиш орзусида ёнган йигитларга турли қароқчиликларни ўргатадилар ва айрим “душман”ларнинг жонини олиш учун юборишади. Бу орада яширин ғордаги “жаннат боғи”да бошқа ёш йигитларни меҳмон қилиб, яна янги шаҳидлар гуруҳи тайёрланаверади...
Махсус топшириқдан бирортанинг жонига зомин бўлиб, катта хазинани ўғирлаб қайтган йигитларни яна беш-олти соат пинҳона “жаннат боғи”га меҳмондорчиликка олиб киришади...
Шаҳидликка ёллаш схемаси мана, минг йиллар ўтса ҳамки, ўзгаргани йўқ. Бунинг бошқача вариантлари ҳам мавжуд.
Шаҳар кўрган эчкидан қўрқ, деганлари каби, ер юзидаги “жаннатни кўрганлар”дан ҳам, бунақа ер юзидаги “жаннат”га тушиш хаёлида юрганлардан ҳам эҳтиёт бўлиш керакдай.
Яна, Ўзи билгувчироқдир...
Оллоёр БЕГАЛИЕВ,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси