11/02/2020
Ички ишлар соҳасига оид давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чоралар
Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларга сифатли ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнида уларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйиш, бу борада ваколатли идоралар, ташкилотлар фаолиятида бюрократик ҳолатларга чек қўйиш давлатимизнинг бугунги кунда халқимизга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги асосий фаолият йўналиши ҳисобланади.
Шу билан бирга, фуқароларнинг ички ишлар соҳасидаги давлат хизматларини олишга бўлган эҳтиёжини тўлақонли ҳамда сифатли қондирилишини таъминлаш мақсадида бу соҳадаги давлат хизматларини “бир дарча” тамойили асосида бир вақтнинг ўзида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилиши йўлга қўйилди. Жумладан, судланганлик ҳақида маълумотнома бериш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунага алмаштириш, манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш (тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Чилонзор туманларида, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республика миқёсида фақат Давлат хизматлари марказлари орқали жорий этилиши белгиланди) бўйича хизматларини кўрсатишимиз мумкин.
Шу ўринда кўрсатиб ўтилган хизматларни кўрсатишнинг аввалги тартибига тўхталадиган бўлсак, биргина манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш ҳамда судланганлик ҳақида маълумотнома олиш учун фуқаролар ўзлари доимий истиқомат қилиб турган жойдаги вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилишлари ва хизмат натижасини олиш учун камида бир неча кун кутишлари керак эди. Шу билан бирга, мазкур хизматларни тўғридан-тўғри ваколатли органлар орқали кўрсатилишида ҳар доим ҳам шаффофлик таъминланмас эди. Эндиликда эса, аҳоли мазкур хизматларни ўзларининг яшаш манзилидан қатъи назар исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (мустақил тарзда) қисқартирилган муддатда, яъни судланганлик ҳақида маълумотномани икки иш кунида, манзил-маълумот ахборотларини эса, бир иш кунида олишлари мумкин. Бунинг натижасида ҳам хизмат кўрсатиш муддатларини, ҳам фуқароларнинг харажатларни кескин камайтиришга эришилди ҳамда бу орқасида аҳолининг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, юқорида кўрсатиб ўтилган хизматлар соҳасида олиб борилган ислоҳотларга мос равишда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунага алмаштириш хизматини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан бирга бир вақтнинг ўзида Давлат хизматлари маркази орқали ҳам кўрсатиш йўлга қўйилди. Хизматни олиш учун фуқаролар ўзига қулай бўлган исталган Давлат хизматлари марказига эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини ҳамда фуқаролик паспорти билан ташриф бюриши кифоя. Эски намунадаги гувоҳномани янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш барча расмийлаштиришларни инобатга олган ҳолда 15 дақиқада амалга оширилади. Албатта, бундай қулайликлар ва енгилликлар халқимизни қувонтирганини оммавий ахборот воситаларида кўплаб кузатишимиз мумкин. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, биргина 2018 йил давомида 107 364 та ҳайдовчилик гувоҳномаси янги намунадаги гувоҳномага алмаштирилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 152 375 тани ташкил қилди. Шу билан бирга, 2018 йилда фуқароларга судланганлик ҳақида маълумотнома бериш хизмати жами 76 952 та кўрсатилган бўлса, 2019 йилда бу рақам 277 834 тага етди. Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш хизмати мос равишда
2018 йилда 39 425 тани, 2019 йилда эса 37 632 тани ташкил қилган. Бу ҳам халқимизга ички ишлар соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатиш тизими доимий ислоҳ қилиниб борилаётганлигидан далолатдир.
Барчамизга маълумки, Президентимиз томонидан фуқароларга янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида прописка тизими ислоҳ қилиш вазифаси манфаатдор вазирлик ва идораларга юклатилган. Шу муносабат билан,
2020 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш (тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Бектемир
ва Чилонзор туманларида, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса бутун республика миқёсида) Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилиши белгиланди. Мазкур ислоҳот орқали фуқароларни прописка қилиш экстерриториал тартибда амалга оширилши (унинг доимий яшаш жойидан қатъий назар), прописка қилиш бўйича ҳужжатларни онлайн топшириш имкониятини, прописка қилишни расмийлаштириш эса қисқартирилган муддатда бажаралиши таъминласа, бир томондан янги тартиб аҳолини шу вактга қадар қийнаб келган турли даражадаги бюрократик ҳолатлардан ҳимоя қилади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги
ПФ–5278-сон Фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 ноябридан бошлаб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш хизмати фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилиши белгиланган. Шу муносабат билан, ҳозирда мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, хизмат кўрсатиш учун зарурий моддий-техник базани такомиллаштириш устида жадал
чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилига асосланган давлат хизматлари кўрсатишнинг янги механизмларини амалиётга кенг татбиқ қилиш орқали халқимизнинг сифатли давлат хизматларини олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш давлат хизматлари кўрсатишнинг ўзбек моделининг асосий вазифасидир. Зеро, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад битта – халқимизни рози қилишдир.
Давлат хизматлари агентлиги бошқарма
бошлиғи ўринбосари У. Содиков